Шавкат Мирзиёев Наманган аэропортидаги қурилиш ишлари билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев Наманганга ташрифи чоғида, ушбу вилоят аэропортидаги қурилиш ишлари билан яқиндан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Бу ерда 140 миллион доллар инвестиция ҳисобига янги терминаллар барпо этилмоқда. Давлат раҳбарининг вилоятга ўтган йилги ташрифи чоғида ушбу лойиҳа тақдимот қилинган эди.

Кайд этилишича, ҳозирги аэропорт туристлар оқимига кифоя қилмаётгани сабабли, 3 қаватли қилиб қурилаётган янги терминалда йўловчи ташиш қуввати 2,5 карра ошади. Чегара назорати ва виза бўлимлари, бизнес зали, савдо ва овқатланиш шохобчалари, тиббиёт хонаси, Duty free дўконлари замонавий ташкил этилади.

Шунингдек, аэропортда улкан юк терминали қурилмоқда. У кунига 50 тонна юк ташиш ва 90 та мамлакатга экспорт қилиш имконини беради. Энг муҳими, бу орқали водийда ягона карго тизими яратилади. Ҳудуднинг бизнес, экспорт ва транзит салоҳияти ошади.

Шу билан бирга, жорий йил Наманган вилоятига 1,5 миллион хорижий ва 2 миллиондан ортиқ маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, хизматлар экспортини 210 минг долларга етказиш режалаштирилган.

Давлат раҳбари аэропорт атрофидаги инфратузилмани унга мутаносиб ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди.

Дунёнинг илғор тажрибасидаги каби, аэропорт атрофида меҳмонхоналар, савдо ва кўнгилочар мажмуалар, барча замонавий хизматлар бўлиши зарурлиги таъкидланди. Автотураргоҳ ва сервис объектлари ташкил этиб, меҳмонлар учун қулайликларни кенгайтириш вазифаси қўйилди.

Ўзбекистон