IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказишдаги муаммолар бўйича сенаторлик сўрови юборилди

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Кобул Турсунов Рақамли технологиялар вазирига сенатор сўрови юборди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Сўровда, жумладан, 2019 йилда жорий этилган IMEI тизими ва 2024 йилдан бошлаб мажбурий декларация тартибининг фуқароларга қўшимча харажат ва мураккабликлар туғдираётгани таъкидланган.

Хусусан, my.gov.uz ва uzimei.uz платформалари ва «БИРДА» иловасида техник муаммолар туфайли рўйхатдан ўтиш жараёни қийинлашгани, хизмат ҳақларининг айрим ҳолатларда сунъий оширилаётгани, иккинчи SIM-карта учун IMEI2 кодини алоҳида ва фақат бир жойда рўйхатдан ўтказиш талаби бюрократик тўсиқлар келтириб чиқараётгани кўрсатилган.

Сенатор Турсунов вазирдан мазкур техник ва ташкилий муаммоларни бартараф этиш, шунингдек, фуқаролар учун рўйхатдан ўтиш жараёнини соддалаштириш борасидаги амалий чоралар ҳақида 10 кун муддатда маълумот беришни сўраган.

Ўзбекистон