Россияда ҳибсга олинганларни урушга юборган полициячиларга пул тўланаётгани маълум қилинди
Россияда 2024 йил августидан бошлаб ҳибсга олинган шахсларни урушга юборган ички ишлар ходимларига пул мукофоти тўланмоқда. Бу ҳақда «Вёрстка» нашри манбаларга таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган ҳар бир гумонланувчи учун участка нозирлари, терговчилар ва тезкор ходимларга 10 мингдан 100 минг рублгача мукофот берилади. Масалан, Москвада бир гумонланувчининг урушга жўнатилиши учун полициячи 50 минг рубль, Ленинград вилоятида эса 100 минг рубль олади.
Расмийлар ҳибсга олинган шахсларга жанговар ҳаракатларда иштирок этиш эвазига жиноят иши юритилмаслигини ва судланганлик ёзуви қолмаслигини таклиф этмоқда. Агар гумонланувчи урушга боришга рози бўлса, унга нисбатан эҳтиёт чораси бекор қилинади ва жиноят иши ёпилади. Урушдан соғ-саломат қайтганларга судланганлик қайд этилмайди. Қайтиб келмаган ёки ҳалок бўлган шахслар ҳолатида эса фуқаролик даъволари фақат уруш тугаганидан кейин кўриб чиқилади.
Июннинг ўзида Россияда 3,3 минг нафар ҳибсга олинган шахсга урушга бориш таклифи берилган. Шундан 392 нафари (тахминан 12%) бунга рози бўлган, 2,2 минг нафари рад этган, қолганлар бўйича маълумот номаълумлигича қолмоқда.
Ҳуқуқшуносларга кўра, полициячилар мукофот олиш учун ҳарбий комиссариатдан гумонланувчининг шартнома имзолагани тўғрисидаги маълумотномани топшириши лозим. Шу билан бирга, суд ишни ёпиш ҳақида қарор чиқарган бўлиши ҳам талаб этилади.
Манбалар терговчиларнинг баъзида ойига икки гумонланувчини урушга юбориш орқали ўз расмий маошидан кўпроқ даромад олаётганини қайд этган.