Филиппинда сув тошқини оқибатида 5 киши ҳалок бўлди

Бўрон ортидан ёққан кучли ёмғир туфайли Филиппинда камида 5 киши ҳалок бўлди, яна 7 нафар инcoн бедарак йўқолган. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Филиппинда бўрон ортидан ёққан кучли ёмғир Манила ва атрофий ҳудудларда Марикина дарёсининг тошишига олиб келди. Расмий маълумотларга кўра, камида 5 киши ҳалок бўлган, яна 7 киши бедарак йўқолган. 50 мингдан ортиқ киши хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган. Тошқинлар сабаб Манила ва бир неча вилоятларда мактаблар ва давлат муассасалари ёпилган. Айрим маҳаллийлар дарҳол эвакуация қилинмаган, уларнинг орасида йўқолганлар бор.

Филиппин табиий офатлар хавфини камайтириш миллий кенгаши маълумотига кўра, ҳозирча 5 киши ҳалок бўлгани ва яна бир неча киши жароҳат олгани тасдиқланган. Бўрон бугун кечга бориб кучсизланиши кутилмоқда.

22 июль куни кучли ёмғир ва шамоллар билан кузатилган Вифа тропик бўрони шимолий Вьетнамга ҳaм етиб келди. Бўрон дастлаб очиқ денгиз устида тўфон (тайфун) даражасига етиб, сешанба куни соат 10:00 атрофида (Тошкент вақти билан 03:00) Вьетнамнинг шимолий қисмига максимал 102 км/соат тезликдаги шамоллар билан кириб келган.

Вьетнам ҳукуматининг расмий хабарига кўра, ҳозирча мамлакатда талофатлар ҳақида маълумот йўқ, бироқ кучли ёғингарчилик ва тошқин хавфи мавжуд. Пойтахт Ханой ва унинг атрофида кўплаб корхоналар ёпилди, аҳолидан уйда қолиш сўралди. Ҳаво йўлларида юзлаб рейслар бекор қилинди, айрим аэропортлар вақтинча ёпилди. 350 минг нафар ҳарбий фавқулодда ҳолатларга тайёр ҳолга келтирилган.

Бўрон туфайли Вьетнамда 500 мм гача ёмғир ёғиши мумкинлиги айтилмоқда. Бу эса сув тошқинлари ва кўчкиларга сабаб бўлиши мумкин.

 

 

Жаҳон