Ҳиндистонда вокзалдаги тиқилинчда 18 киши ҳалок бўлди
Ҳиндистоннинг Нью Деҳли шаҳридаги темирйўл вокзалида содир бўлган тиқилинчда камида 18 киши, жумладан, 11 аёл ва беш бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда NDTV телеканали хабар берди.
14-рақамли темирйўл платформасида Prayagraj Express поездининг жўнашини кўп сонли одамлар кутиб турган. Улар 15 февраль куни Маҳа Кумбҳа диний фестивалига бориш учун поездларга чиқишга шошилган. Шу пайтда 12, 13 ва 14-сонли платформаларда йўловчилари бўлган яна иккита поезд ҳам ушлаб турилган. Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди қурбонларнинг оиласига ҳамдардлик билдирган.
Қурбонларнинг энг кичиги етти ёшда, энг каттаси эса 79 ёшда бўлган. Жароҳатланганларнинг ўндан ортиғи шифохонада даволанмоқда.