Ўзбекистонда Volkswagen автомобиллари ишлаб чиқарилади
Volkswagen AG ва «Ўзавтосаноат» АЖ таркибий корхонаси — Alyans Auto компанияси ўртасида Ўзбекистонда замонавий енгил автомобиллар ишлаб чиқариш бўйича янги ҳамкорлик келишуви имзоланди. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» матбуот хизмати хабар берди.
Келишув IV Тошкент Халқаро Инвестиция форуми доирасида тузилган бўлиб, седанлардан тортиб то тўлиқ ўлчамли кроссоверларгача бўлган Volkswagen моделлари маҳаллийлаштирилган ҳолда ишлаб чиқарилади. Компаниялар ҳамкорликни стратегик ривожланиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоламоқда.
Volkswagen AG вакили Мартин Сандернинг айтишича, Ўзбекистон географик жиҳатдан қулай жойлашуви ва ишлаб чиқариш салоҳияти билан компания учун муҳим бозор ҳисобланади. Лойиҳа доирасида ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, технологияларни узатиш ва автомобиль экспортини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Янги автомобилларни оммавий ишлаб чиқариш 2025 йилнинг тўртинчи чорагига мўлжалланган.