Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаняхуни ҳибсга олишга ордер берди

Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху ва собиқ мудофаа вазири Ёав Галлантни ҳибсга олишга ордер берди. Бу ҳақида Халқаро жиноят суди расмий саҳифасида маълум қилди.

Қарор 2023 йил 8 октябрдан 2024 йил 20 майга қадар содир этилган «инсониятга қарши жиноятлар ва ҳарбий жиноятлар» юзасидан қабул қилинган.

Унга кўра, судда Бинямин Нетаняху ва Ёав Галант Ғазо секторидаги тинч аҳолини яшаш учун зарур бўлган сув, дори-дармон, озиқ-овқат, тиббий жиҳозлар, ёқилғи ва электр энергиясидан «қасддан маҳрум қилгани» борасида асослар мавжуд.

Суднинг қайд этишича, исроиллик амалдорлар инсонпарварлик ёрдамига тўсқинлик қилган ва ўз ихтиёридаги барча воситалардан фойдаланиб, тинч аҳолига ёрдам кўрсатмаган.

Халқаро жиноят судининг бу қарорига жавобан Бинямин Нетаняхунинг идораси судни Исроилни изоляция қилишда ва мамлакатга қарши «террорчилик ҳужумларига ёрдам беришда» айблаб чиқди.

Жаҳон