Ўзбекистоннинг 2026 йилги ялпи ички маҳсулот ҳажми 167 млрд долларга етиши мумкин

2026 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 6,6% га ўсиши ва ялпи ички маҳсулот 167 млрд долларга етиши прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва халққа йўллаган мурожаатномасида маълум қилди.

Хусусан, устувор йўналишлардан бири иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш эканлиги билдирилди.

Бундан буён ҳар бир доллар инвестиция, энг аввало, илғор технологиялар трансфери, ташқарида бозори аниқ, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга, энергия, сув, ер ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланишда самарадорликни оширишга, маҳаллий ишчиларни янги технологиялар билан ишлашга ўқитиш ва меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилиши кераклиги таъкидланди.

Янги технологик босқичга ўтиш ва қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш бўйича саноатни ривожлантириш дастури бошланади.

Шу билан бирга, 2026 йилда 52 млрд долларлик 782 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳасига старт берилади. Келгуси йилнинг ўзида 14 млрд долларлик 228 та янги йирик қувватлар ишга туширилади.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон