ДХХ 25 килограмга яқин гиёҳванд моддалар савдосига чек қўйди
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари жойларда 25 килограмга яқин гиёҳванд моддалар муомаласига чек қўйди.
Маълум қилинишича, хизматнинг Фарғона шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда шаҳарда яшовчи фуқаро бошқарувидаги «Spark» машинаси текширилганда 4,4 килограмм опий ва 2,9 килограмм гашиш моддалари топилган. Терговга қадар текширувда у аввалроқ танишига 7,9 килограмм гашиш бергани аниқланган.
Шунингдек, шаҳарда яшовчи икки фуқаронинг уйида 1,1 килограмм гашиш, 991 грамм опий расмийлаштирилган. Шунингдек, улардан наркотикни сотиб олиш учун Марғилон ва Қўқон шаҳарларидан келган 2 харидор ҳам ушланган.
ДХХнинг Андижон вилояти бошқармаси ходимлари томонидан Хўжаобод туманидаги назорат масканида ҳам тезкор тадбир бўлиб ўтган. Унда муқаддам судланган, 1988 йилда туғилган фуқаронинг машинасидан 6,1 килограмм гашиш топилган.
Шунингдек, хизматнинг Қашқадарё вилояти ходимлари фарғоналик 1974 йилда туғилган фуқаронинг машинасини тўхтатиб, текширган. Қайд этилишича, автомобиль салонидаги тарозига 1,4 килограмм гашиш яширилган. Шу билан бирга, унинг ортидан кузатиб келаётган жиноий шериги ҳам қўлга олинган.