Ўзбекистонда 28 минг аҳоли бандлиги таъминланади
Шавкат Мирзиёев раислигида 15 ноябрь, душанба куни ҳудудларда камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлашга оид йиғилиш бўлиб ўтиши ҳақида хабар берилган. Президент йиғилишда маҳаллаларни ривожлантиришга ташқи инвестиция ва молиявий ресурсларни ҳам йўналтириш масаласига тўхталиб ўтди.
Маълум қилинишича, 2022 йилда халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобига 109 та лойиҳа доирасида 2,2 миллиард доллар маблағ ўзлаштирилиб, 28 минг аҳоли бандлиги таъминланади. Халқаро молия ташкилотларидан жалб қилинадиган маблағларни ҳам маҳаллага боғлаш тизими жорий этилади.
Шу билан бирга, 2022 йилда давлат инвестиция дастури доирасида 18,5 триллион сўмлик лойиҳалар амалга оширилади.
«Бундан буён инвестиция дастурларини ҳокимларнинг ўзи ‘маҳаллабай’ тамойили асосида ишлаб чиқади. Яъни, дастур вазирликда эмас, балки маҳалладан бошлаб шаклланади. Шу билан бирга, тармоқ ва ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида 22 миллиард долларлик 9 мингта лойиҳа амалга оширилиши ва 305 мингта янги иш ўрни яратилиши белгиланган. Мисол учун, ҳудудлардаги махсус иқтисодий зоналарнинг ташқи муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш учун кейинги йилда бюджетдан 2 триллион сўм маблағ йўналтирилади», — деган давлат раҳбари.