Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш учун амалий ҳаракатларни бошлади
Президент Шавкат Мирзиёев 2024 йилнинг 3 июнь куни Ўзбекистон қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимлари билан мувофиқлаштириш бўйича фармонни имзолади.
Унга кўра, бир қатор давлат корхоналарига қонунчилик билан тақдим этилган махсус имтиёзлар бекор қилиниб, барча учун тенг имкониятлар ҳамда эркин рақобат муҳитини яратиш йўлида муҳим қадамлар ташланди.
Мазкур фармон қора ва рангли металларни қайта ишлаш, энергетика, кимё саноати, телекоммуникация каби соҳаларда янги даврни бошлаб бериши кутилмоқда. Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева бу ҳақда тўхталар экан, ушбу ҳужжат мамлакатда эркин бозор яратиш учун амалга оширилаётган чораларнинг узвий давоми бўлганини эътироф этди.
Биз Жаҳон Савдо Ташкилотининг энг асосий шартларидан бири – барча учун тенг ва эркин рақобат шароитини яратиш принципига амал қилган ҳолда, мамлакатимизнинг ушбу ташкилотга аъзо бўлиш борасида қарори қатъий эканини яна бир бор намойиш қилмоқдамиз, – деб ёзади у.
Президентнинг айни фармони иқтисодчилар томонидан ҳам ижобий баҳоланмоқда. Хусусан, иқтисодчи Отабек Бакиров ушбу фармонга нисбатан
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириш бўйича 30 йиллик ҳаракатларини мақсадлардан амалий реалликларга кўчирадиган фавқулодда муҳим, – дея таъриф берди.
Маълумот учун, Ўзбекистон мазкур ташкилотга қўшилиш учун 1994 йилда ариза топширган. Аммо кейинги даврларда ЖСТга кириш бўйича ҳаракатлар тўхтаб қолганди. Ҳозирга келиб дунёнинг 164 та давлати Жаҳон савдо ташкилотига аъзо ҳисобланади. Ташкилот глобал савдонинг 98 фоизини тартибга солади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев Ўзбекистон ташкилотнинг 2026 йил Камерунда ўтадиган 14-вазирлар кенгашигача унга аъзо бўлиш ниятида эканини маълум қилганди.