Сирдарёда болаларни полиомиелитга қарши эмлаш бошланди
Сирдарёда болаларни полиомиелитга қарши эмлаш бошланди.
Маълум қилинишича, айни пайтда мамлакатда полиомиелитга қарши аралаш иммунизация, яъни томчи орқали ҳамда инекцион усулда амалга оширилади. Вакцина беш марта: болаларнинг 2, 3, 4, 16 ойлигида ва етти ёшида қўлланилади. Болалар 4 ойлигида ҳам томчи орқали, ҳам инъекцион тарзда эмланади. Жумладан, 20 сентябрь кунидан бошлаб, вилоятдаги 4-5 ёшдаги болаларни полиомиелитга қарши эмлаш жараёнига киришилди. Бу жараёнда вилоятимиздаги 26 минг нафардан зиёд болалар қамраб олинади. Шу бугунги кунга қадар 11 мингдан ошиқ болалар қамраб олинган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий маълумотларига кўра, бизга қўшни бўлган Афғонистон ва Тожикистон республикасида жорий йил сентябрь ойида 31 та ҳолатда полиомиелит вирусининг 2-типи аниқланган. Шу боис коронавирусга пандемия даври бўлишига қарамасдан, ёввойи полиовируснинг кириб келиш ва тарқалишининг олдини олиш борасида зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
«ИПВ вакцинаси билан полиомиелитга қарши эмлаш 20 сентябрдан 30 сентябрга қадар ўтказилади. Айни кунда эҳтиёжга яраша вакцина, шприцлар тақсимланиб, эмлаш пунктларига етказиб берилди. Болаларни полиомиелитга қарши эмлашдан олдин албатта врач кўриги ташкил этиляпти. Эмлашдан кейин 3 кун давомида патронаж кузатувида бўлади. Бундан ташқари, профилактик эмлашнинг болалар саломатлигида тутган ўрни ва аҳамияти юзасидан тарғибот – ташвиқот тадбирлари олиб борилмоқда», — дейди Сирдарё вилоят санитария–эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлим бошлиғи Жўрабек Хасанов..