ДХХ 4 та ҳудудда фуқароларни АҚШга ноқонуний юбормоқчи бўлганларни қўлга олди
Давлат хавфсизлик хизмати Андижон, Навоий, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида фуқароларни Америка Қўшма Штатларига ноқонуний йўллар билан юборишни ваъда қилган шахсларни ушлади.
Андижон вилоятининг Марҳамат туманида яшовчи шахс асакалик фуқарони Мексика орқали АҚШга юбориш эвазига 19 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 15 мингини олган вақтида ушланди. Тезкор тадбир давом эттирилиб, 15 минг доллардан 6 мингини олган вақтида мазкур ноқонуний ишга алоқадор бўлган, Марҳамат туманида яшовчи фуқаро ҳам қўлга олинди.
Навоий вилоятида кузатилган ҳолатда самарқандлик шахс Нуротада яшовчи фуқарони Мексика орқали Қўшма Штатларга юбориш эвазига 14 минг доллар олган вақтида ушланди.
Сирдарёда эса жиззахлик 26 ёшли шахс 15 минг доллар эвазига Сардоба туманида истиқомат қилувчи фуқарога Америкага юборишни ваъда қилиб, ундан олдиндан 12 минг доллар ва 6 млн сўм олган вақтида ушланди.
Шунингдек, ДХХ Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида ҳам тезкор тадбир ўтказди. Аниқланишича, Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида яшовчи аёл Чилонзор туманида истиқомат қилувчи фуқарога виза ва бошқа тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, уни Туркия-Никарагуа-Мексика йўналиши орқали АҚШга юборишни режа қилган. Аёл бунинг эвазига 16 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 9 минг доллар олган вақтида ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.