CASCA+ тизими доирасида темир йўл транспорти қандай ривожланиши ҳақида маълумот берилди
CASCA+: Темир йўл маъмуриятлари вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг 28-29 май кунлари Тошкент шахрида Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Озарбайжон, Грузия ва Туркия давлатларининг темир йўл администрация вакиллари ўртасида CASCA+ транспорт йўлаги бўйлаб юк ташишларни ривожлантириш бўйича учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур учрашувда йирик экспорт қилувчи корхона вакиллари ҳам иштирок этди, хусусан, Uzkimyoimpeks, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, «UzAutoSanoat» АЖ, Тошкент қувур заводи ва бошқалар.
Учрашув давомида томонлар CASCA+ транспорт йўлагини ривожлантириш мақсадида амалга оширилиши керак бўлган лойиҳаларни муҳокама қилди. Муҳокама давомида CASCA+ транспорт йўлаги фаолиятини мувофиқлаштириш учун «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан консорциум ташкил этиш таклифи илгари сурилди, унда барча темир йўл маъмуриятлари вакиллари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади ва ушбу транспорт йўлагини янада фаол ривожлантириш мақсадида консорциум учун мутахассисларни тақдим этишга тайёр эканлигини кўрсатди.
Бундан ташқари CASCA+ йўлак бўйича тез бузилувчи (мева-сабзавотлар) юкларни рефрижератор контейнерларда ташишни йўлга қўйиш ва йўлакнинг сайт фаолиятини ривожлантирган ҳолда йўлак бўйлаб ҳаракатланувчи вагон ва контейнерлар жойлашувини (дислокациясини) онлайн тарзда кузатиш тизимини йўлга қўйиш таклиф этилди. Таъкидлаш жоизки, 2024 йил 18 март куни Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳаларида инвестициялар жалб қилиш ҳамда экспортни кўпайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев тез бузилувчи маҳсулотларни ташиш учун рефрежиратор контейнерларни ривожлантириш муҳимлигига эътибор қаратди.
*CASCA+ – Озарбайжон, Грузия, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон давлат темир йўллари қўшма ташаббуси. Ҳозирда бу йўналиш учта минтақани қамраб олади – Марказий Осиё (Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон), Жанубий Кавказ (Озарбайжон ва Грузия), Анадолу (Туркия). Йўналиш номидаги «+» белгиси маршрут бўйлаб ташишдан манфаатдор бўлган янги потенциал иштирокчиларни қабул қилишга тайёрлигини билдиради. Унинг якуний мақсади Жануби-Шарқий Осиё давлатлари, хусусан, Хитойни Европа билан боғлашдир.