Шавкат Мирзиёев 14 та ҳудудда чармсаноат соҳасидаги ишлар лозим даражада ташкил этилмаганини танқид қилди
Шавкат Мирзиёев маҳаллий саноат тармоғидаги ички имкониятларни сафарбар этиш орқали аҳолини ишли ва даромадли қилиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида чарм, гилам ва пиллачилик саноатида ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар борлигини айтди.
Президент ҳозирда амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари билан бирга тез фурсатда маҳаллада юзлаб иш ўрни ва экспортбоп маҳсулот яратадиган, юқори даромад келтирадиган кичик ва ўрта корхоналар кераклигини таъкидлади.
“Бу борада энг катта захира маҳаллий саноат тармоқлари ҳисобланади. Шу муносабат билан учта муҳим соҳа — чарм, гилам ва пиллачилик саноатида ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар бор”, — деди давлат раҳбари.
Президент айрим вазир ва ҳокимлар бу соҳа тадбиркорларини эшитмаётганини, тайёр имкониятлардан тўғри фойдалана олмаётганини кўрсатиб ўтди.
Қайд этилишича, ўтган йили чармсаноатда ишлаб чиқариш ҳажми ўсиб, қарийб 3 триллион сўмга етди. Лекин, шуни ярми Андижон ва Фарғонага тўғри келади. Республикадаги жами терининг 40 фоизини берадиган Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Сурхондарё ва Хоразмнинг чармсаноатдаги улуши уларнинг имкониятига мос эмас.
Маҳсулотига бозор топиш, айланма маблағ масалалари сабабли айрим корхоналар ўтган йилни зарар билан якунлаган. Ўтган йили чармсаноат экспортида тайёр маҳсулот улуши атиги 30 фоиз бўлган.
Давлат раҳбари икки йил олдин 155 гектар жой ажратилиб, чармга ихтисослашган 16 та кичик саноат зонаси қилинганини қайд этди.
Оҳангарон ва Ургут туманларида лойиҳалар бошланган бўлса-да, Нурафшон шаҳрида, Уйчи, Ангор, Қўқон, Қўштепа, Олтинкўл, Шароф Рашидов туманлари, Наманган шаҳри, Шаҳрихон, Самарқанд, Ҳазорасп, Бухоро, Нукус туманлари, Қарши шаҳрида бу ишлар лозим даражада ташкил этилмаганини танқид қилди.
Мажлисда таъкидланишича, соҳада энг асосий масалалардан бири, бу — хом ашё. Кластерларда қорамолни кўпайтириш, аҳоли хонадонлари ва терини қайта ишлаш корхоналари билан кооперацияни йўлга қўйиш бўйича 25 та туманда чорвачилик кластерлари ташкил қилинган. Лекин ер ажратиш ва кредит масаласи тўлиқ ҳал қилинмагани сабабли кластерларнинг ҳаммасида ҳам фаолият яхшилангани йўқ. Масалан, 19 та кластерга етарли ер майдонлари ажратилмаган.
Айтилган муаммоли масалалардан келиб чиқиб “Чармсаноат” уюшмаси фаолиятини тубдан ўзгартириш зарурлиги таъкидланди.