Тошкент вилоятида дарахтлар кесилиши оқибатида табиатга салкам 300 млн сўм зарар етказилди

Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Оқтош қишлоғи ҳудудида 53 туп кўп йиллик дарахт ноқонуний кесилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар тарқалди. Бош прокуратура ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Бўстонлиқ тумани инспекцияси ходимлари томонидан олиб борилган ўрганиш ишлари давомида ҳудудда ўсиш ҳолатида бўлган жами 56 туп, шундан 53 туп шумтол, 2 туп бақатерак, 1 туп қизил дўлана дарахти ноқонуний равишда кесилгани аниқланган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан холис гувоҳлар иштирокида белгиланган тартибда далолатнома расмийлаштирилган. Номаълум шахcларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракати оқибатида ўсимлик дунёсига 288 миллион 792 минг сўм миқдорда зарар етказилган.

Бош прокуратура хабарига кўра, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 198-моддаси (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Янгиликлар