Навоийда «Gentra» ҳайдовчиси «Damas» ни қувиб ўтишга ҳаракат қилиб «Onix» русумли автомашинани уриб юборди, oқибатда 6 киши ҳалок бўлди

Навоий вилояти Нурота туманида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, унинг оқибатида 6 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Qalampir» ҳабар беради.

Йўл-транспорт ҳодисаси 9 июнь куни соат 15:00 атрофида Навбаҳор-Нурота автомобиль йўлида содир бўлган. Аниқлик киритилишича, «Gentra» машинаси ҳайдовчиси «Damas» машинасини қувиб ўтишга ҳаракат қилган. Оқибатда у автомашинани қарама-қарши йўлга олиб чиқиб, «Onix» билан тўқнашиб кетган.

Ҳодиса оқибатида «Onix» русумли автомашинада бир оиланинг беш аъзоси (36 ёшли эркак, унинг 58 ёшли онаси, рафиқаси, икки ёшли ўғли ва икки ойлик боласи) ҳалок бўлган. Шу билан бирга «Gentra» ҳайдовчиси ҳам вафот этган.

Воқеа юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар