Тошкентда эркак қонуний никоҳсиз яшаган аёлининг 3 ёшли ўғлини пичоқлаб ўлдириб қўйди
Тошкентда эркак қонуний никоҳсиз яшаган аёлининг 3 ёшли ўғлига, пичоқ билан бир неча марта зарба бериб ўлдириб қўйди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизматига таяниб, «Repost.uz» нашри хабар бермоқда.
Аниқланишича, воқеа 9 июль куни Яшнобод туманидаги кўп қаватли уйнинг ижарага олинган хонадонларидан бирида содир бўлган. 31 ёшли эркак ва унинг бирга яшаб келган аёли ўртасида жанжал келиб чиққан.
Можаро вақтида эркак аёлнинг биринчи турмушидан бўлган 3 ёшли ўғлига бир неча марта пичоқ билан жароҳат етказган.
Шундан сўнг, эркак воқеа жойидан қочиб кетган.
Бола касалхонага етказилгунга қадар вафот этган, — дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи қўлга олинган.