II Халқаро экологик оромгоҳида ёшларни иқлим масалаларига жалб қилиш кўриб чиқилади

II Экологик оромгоҳ 23-30 июнь кунлари Халқаро ёшлар фестивали доирасида ўтказилмоқда. Бу йилги тадбирларда Марказий Осиё, Венгрия, Туркия ва Озарбайжондан иштирокчилар қатнашмоқда.

II Халқаро экологик оромгоҳ иштирокчилари асосий тадбирдан аввал Самарқанд шаҳридаги тарихий обидаларни бориб кўрди. Унда экологик кун тартибини тарғиб қилишда фаол иштирок этаётган, ушбу мавзуни тенгдошлари орасида тарғиб қилувчи ёшлар жамланган.

Сурхондарё вилоятининг Денов туманидан келган Ясмина Абдухолиқованинг айтишича, у аввал ҳам Самарқандга оила аъзолари билан келган бўлса-да, тенгдошлар билан бўлаётган саёҳат унга кўпроқ ёқмоқда.

Венгриялик иштирокчи Клара Камилла Ёбнинг айтишича, Ўзбекистоннинг маданияти ўзига хос, тарихий жойларга саёҳат унга бошқача кайфият бермоқда.

Оромгоҳда ўзимга ўхшаган ёшлар билан яқиндан мулоқот қилмоқчиман. Уларнинг ғояларини эшитишни ва бундан илҳомланишни хоҳлайман, — дейди Клара Камилла Ёб.

Бу йил оромгоҳ дастури икки босқичга бўлинган: 23-26 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида ва 27-30 июнь кунлари Тошкентда тадбирлар ўтказилади. Самарқандда иштирокчилар фаол гуруҳ дарслари, маҳорат дарслари ва экологик лойиҳалар муҳокамасидан, шунингдек, шаҳарнинг тарихий диққатга сазовор жойларига саёҳатдан иборат бой маданий дастурдан баҳраманд бўлади.

Тошкент шаҳрида ёшлар экомактабларга ташриф буюриб, таълим муассасаларида амалга оширилаётган инновацион экологик лойиҳалар билан танишади. Шунингдек, Green Universityда экология соҳасидаги етакчи мутахассислар иштирокчилар маъруза ўқийди.

Тадбир Ёшлар агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими, Атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши вазирликлари, «Замин» халқаро жамоат фонди, ЮНИСЕФ, БМТТД ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ФАО ҳамкорлигида ташкил этилган.

Янгиликлар