Россияда ҳамкасбини уриб ўлдирган ўзбекистонлик эркакка қамоқ жазоси тайинланди
Россиянинг Рязань шаҳрида Ўзбекистон фуқароси ҳамкасбини уриб ўлдиргани учун 8,5 йилга қамоққа олинди.
Тергов ва суд томонидан аниқланишича, 2020 йил 4 апрель куни 33 ёшли айбланувчи ўзи ва қариндошлари юк кўтарувчи бўлиб ишлаган корхона яқинидаги автобус бекатига келган. У ерда айбланувчи иш жойидаги қариндошларига муаммо туғдираётган ҳамкасби билан гаплашмоқчи бўлган.
Шундан сўнг икки ҳамкасб ҳеч ким йўқ жойга ўтиб, бир-бирини ҳақорат қила бошлаган. Айбланувчи марҳумнинг оёғини чалиб, уни йиқитиб уришни бошлаган. Судланувчининг қариндошларидан бири ҳам марҳумни урган.
Жабрланувчи бир неча кундан кейин касалхонада вафот этган. Суд ўзбекистонлик фуқарога нисбатан 8 йилу 6 ойга қаттиқ режимдаги колония қўллаган. Шунингдек, у ўлдирилган эркакнинг хотинига маънавий зарар етказгани учун 500 минг рубль товон тўлаши шарт бўлади.
Таъкидланишича, ҳукм қонуний кучга кирмаган. Айбланувчининг шеригига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.