Тошкентда хусусий боғча тарбияланувчиларига жисмоний куч ишлатилгани аниқланди
Пойтахт ИИББ мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини, айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди

Ижтимоий тармоқларда хусусий боғча тарбиячилари тарбияланувчиларга нисбатан жисмоний куч ишлатаётгани акс этган видеолар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Учтепа туманидаги нодавлат таълим муассасаларининг бирида тарбиячи бўлиб ишловчи 1990 йилда туғилган А.Г. мунтазам равишда тарбияланувчиларга нисбатан куч ишлатиб, қийнаб келган.
Ҳозирда айрим тарбияланувчиларнинг олган тан жароҳатлари юзасидан судга оид тиббий экспертиза тайинланган.
Нодавлат таълим муассаса фаолияти бўйича тегишли ташкилотлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.





