Қашқадарёда иссиқхона ташкил этиб, унда каннабис етиштирган шахс аниқланди
Ҳолат бўйича наркосавдогарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди

Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар беради.
Тадбир давомида Шаҳрисабз шаҳрида истиқомат қилувчи, 1985 й.т. фуқаро ўзининг яшаш хонадони ҳовлисидаги 5,3 сотих ер майдонида иссиқхона ташкил қилганлиги аниқланди.
Иссиқхона кўздан кечирилганда эса келгусида сотиш мақсадида 714 туп каннабис ўсимлигини экиб, парваришлаб келаётганлиги маълум бўлди. Экспертиза хулосасига кўра, ушбу ўсимликларнинг соф оғирлиги 201 кг. ни ташкил этган.
Бошқа ҳолатда эса Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида яшовчи, 1966 й.т., муқаддам судланган фуқаро пойтахтнинг Юнусобод тумани ҳудудида ҳаракатланаётган вақтида тўхтатилиб текширилди.

Натижада, унинг қўлидаги целлофан пакет ичида 1 кг 994 гр «гашиш» моддаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинди.
Мазкур шахс қўшни давлатдан контрабанда қилинган ушбу моддаларни Тошкент шаҳрида сотишни режалаштирган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича наркосавдогарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





