Ўзбекистонда 2028 йилга қадар йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ёввойи ҳайвонларни ов қилиш тақиқланади

Чеклов август ойидан кучга киради ва у йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ҳайвонларга ҳам татбиқ этилади

«Ҳайвонот дунёси йўқотишларининг ўрнини қоплаш ҳамда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ёввойи ҳайвонларни ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 августдан 2028 йил 1 январга қадар мазкур қарор иловасида белгиланган Ўзбекистонда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ёввойи ҳайвонларни ов қилиш тақиқланади.

Бунда:

• ушбу чеклов фермалар, питомниклар, инкубаторлар, балиқчилик питомниклари ва ҳовуз хўжаликларида сақланаётган ва (ёки) етиштирилаётган ёввойи ҳайвонларни ов қилиш, шунингдек, илмий ва тиббий мақсадларда фойдаланиш учун ов қилишга нисбатан татбиқ этилмайди;

• ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квоталарни шакллантириш ва тақсимлашда ов қилиш тақиқланган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ёввойи ҳайвонлар турларига нисбатан квота ажратилишига йўл қўйилмайди.

2026 йил 1 августдан 2030 йил 1 январга қадар республиканинг марказий шаҳарларидан оқиб ўтувчи дарё ва сойлар ҳар йили жами 15 тоннадан кам бўлмаган миқдорда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Фанлар академияси томонидан тузиладиган рўйхат асосида чавоқлантирилади.

Ўзбекистон