Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ёшларни касбга тайёрлаш бўйича қўшма қўмита тузади

Ҳамкорликнинг биринчи йилидаёқ 100 нафар ўзбекистонлик ёшни ўқитиш режалаштирилган

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ёшларни замонавий касбларга тайёрлаш, уларнинг бандлигини ошириш ҳамда халқаро меҳнат бозорига чиқиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган янги ташаббусни бошлади.

Тегишли битим Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Саудия–Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши ҳамда Саудия Арабистони Энергетика ва сув таъминоти академияси (EWA) ўртасида Тошкент халқаро инвестиция форуми (TXIF-2026) доирасида имзоланди.

Лойиҳани амалга ошириш учун Бирлашган бошқарув қўмитаси ташкил этилади. Қўмитага дастлаб Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги вакили раислик қилади. Касбий тайёргарлик дастурлари Саудия Арабистони энергетика соҳаси учун мутахассислар тайёрлайдиган Энергетика ва сув таъминоти академияси томонидан ишлаб чиқилади. Ўзбекистонда эса ACWA Power ташаббуснинг асосий ҳамкори сифатида иштирок этади.

Саудия Арабистони Энергетика ва сув таъминоти академияси раиси Тамер Сауд Ал-Шархоннинг таъкидлашича, лойиҳанинг биринчи йилидаёқ EWA модели асосида ишлаб чиқилган дастурлар бўйича 100 нафар ўзбекистонлик ёшни ўқитиш режалаштирилган.

Ташаббуснинг биринчи босқичи Қорақалпоғистонда амалга оширилади. Шу мақсадда ACWA Power Sergeli ва Нукус тумани ҳудудий электр тармоқлари (Nukus District Energy FE LLC) ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Ҳамкорлик доирасида ҳудуд ёшлари Ўзбекистон ва хорижда энергетика соҳаси бўйича халқаро талабларга жавоб берадиган билим ва амалий кўникмаларга эга бўлиш имкониятини қўлга киритади.

Янгиликлар