Ўзбекистонда иқлим мақсадларига эришиш учун йилига $9 млрд талаб этилади
GGGI тадқиқотида Ўзбекистон ва Қирғизистондаги иқлим молиясидаги асосий тафовутлар ҳамда уларни бартараф этиш йўллари таҳлил қилинди

Global Green Growth Institute (GGGI) Тошкентда Ўзбекистон ва Қирғиз Республикасида амалга оширилган «Марказий Осиёда иқлим молиясидаги тафовутларни бартараф этиш» лойиҳаси якунларини тақдим этди. Лойиҳа иқлимга йўналтирилган инвестицияларни кенгайтиришга тўсқинлик қилаётган омилларни таҳлил қилиш ҳамда молиялаштириш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган.
Лойиҳа давомида икки мамлакатнинг иқлим молияси тизими ўрганилиб, мавжуд молиялаштириш эҳтиёжлари ва асосий муаммолар юзасидан таҳлилий ҳисобот тайёрланди. Унда ҳар бир давлат учун қисқа ва узоқ муддатли тавсиялар ишлаб чиқилган.
Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда Net Zero 2055 мақсадларига эришиш учун ҳар йили қарийб $9 млрд миқдоридаги қўшимча иқлим молияси талаб этилади. Экспертлар бунга эришиш учун молиявий тартибга солишни такомиллаштириш, ESG тамойилларини кенгроқ жорий этиш, яшил облигациялар бозорини ривожлантириш ва хусусий капитални жалб этувчи молиявий инструментларни кенгайтиришни тавсия қилмоқда.
Қирғиз Республикасида эса 2035-йилгача белгиланган иқлим мақсадларини молиялаштириш учун $9,3 млрд зарурлиги қайд этилган. Ҳисоботда яшил таксономияни жорий этиш, лойиҳаларни тайёрлаш сифатини ошириш ҳамда таваккалчиликларни камайтирувчи молиявий механизмларни ривожлантириш устувор вазифалар қаторида кўрсатилган.
Лойиҳа доирасида молия институтлари ва давлат идоралари ходимлари учун яшил молиялаштириш ҳамда ESG тамойилларига бағишланган ўқув дастурлари ташкил этилди. Шунингдек, барқарор молиялаштириш воситаларини ишлаб чиқиш бўйича техник кўмак ҳам кўрсатилди.
Якуний тадбирда барқарор молиялаштириш, ESG стандартлари ҳамда экологик ва ижтимоий хатарларни бошқаришга бағишланган олтита ўқув қўлланмаси ҳам тақдим этилди. Ушбу материаллар лойиҳа веб-саҳифасида очиқ фойдаланиш учун жойлаштирилиши режалаштирилган.
Лойиҳа Буюк Британия томонидан молиялаштириладиган Small Grants and Climate Innovation Facility (SGCIF) дастури доирасида амалга оширилди. Ташаббус Германия ҳукумати номидан GIZ томонидан юритилаётган «Марказий Осиёда иқлим хатарларини бошқариш» минтақавий дастурининг бир қисми ҳисобланади.





