«Роскомнадзор» Россияда Instagram блокланишининг сабабини тушунтирди
«Роскомнадзор» Россия давлат хизматлари портали («Госуслуги») орқали Россияда Instagram’ни блоклаш зарурлиги тушунтирилган хат юборишни бошлади.
Мактубда айтилишича, Instagram блокланади, чунки бу «фуқароларнинг психологик саломатлигини таъминлаш» учун зарур. Шунингдек, агентлик россиялик фойдаланувчиларнинг VK ва «Одноклассники»га тезда ўтиш имкониятига эга бўлишига умид қилмоқда.
«Роскомнадзор» ижтимоий тармоққа эгалик қилувчи Meta яқинда халқаро қонунларга зид равишда россияликларга нисбатан зўравонликка чақириқларни олиб ташламаслиги ҳақидаги маълумотни тасдиқлаганини эслатди.
«Миллий умумийлик ёки фуқаролик асосида бирлашган одамларга нисбатан зўравонликка даъватлар БМТнинг ‘Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисида’ги 1948 йилги конвенцияси томонидан тақиқланган ‘геноцид’ сифатида тавсифланган жиноятнинг бир қисмидир», дейилади «Роскомнадзор» мактубида.
Бундан ташқари, мактубда бошқарманинг вазифаси фуқароларнинг, биринчи навбатда, болалар ва ўсмирларнинг психологик саломатлигини таъминлаш, уларни безориликдан ҳимоя қилиш экани айтилади.
Бошқарма Instagram фойдаланувчиларида ўз обуначилари ва дўстларини огоҳлантириш, шунингдек, аккаунтдаги сурат ва видеоларни бошқа ресурсларга ўтказиш учун 14 мартгача вақт борлигини маълум қилган.
Таъкидланишича, «Роскомнадзор» маҳаллий интернет-ресурсларга ўтиш тезда содир бўлишига ҳамда келажакда фойдаланувчилар мулоқот ва бизнес юритиш учун янги имкониятларни кашф этишига умид қилмоқда.
Instargram блокланиши 11 март куни маълум бўлди. Шу куни Бош прокуратура Instargram эгаси Meta’дан экстремистик ташкилот деб тан олиниши ва унинг мамлакатдаги фаолиятини тақиқлашни талаб қилди.
Блоклаш ҳақидаги хабарлардан сўнг Meta вице-президенти Ник Клегг Facebook ва Instagram’нинг янги сиёсати фақат Украинада амал қилишини айтди. Шу тариқа, ижтимоий тармоқ маҳаллий фойдаланувчиларга рус қўшинларига нисбатан ўз ғазабини билдириш эркинлигини бермоқчи.