Саудия Арабистони ҳаж вақти ҳарорат кескин кўтарилишидан огоҳлантирди
Саудия Арабистони зиёратчиларни ҳаж вақтида ҳаво ҳарорати ўртача 44 даражадан юқори бўлишидан огоҳлантирди.
Бу йилги ҳаж зиёратида иқлим Макка ва Мадинада ўртача ҳаво ҳарорати меъёридан 2 даражагача ошиши кутилмоқда.
«Нисбий намлик 25 фоиз, ёмғир даражаси нолга яқин, ўртача максимал ҳарорат 44 даража», — дейди Саудия Арабистонининг Миллий метеорология маркази раҳбари Айман Ғулом.
Қироллик жазирама таъсирини юмшатиш чораларини ҳам кўрмоқда, жумладан, кондиционерли чодирлар ва туманлаш тизимлари шулар жумласидандир. Айман Ғулом «ҳарорат кўтарилаётганда кунлик истеъмолни қоплаш учун етарли сувга эҳтиёж борлигини» айтмоқда. Зиёратчиларга мўлжалланган озиқ-овқатлар сифати бузилмаслиги учун уларни музлатгичларда ташиш кераклиги таъкидланган.
Расмий маълумотларга кўра, 2023 йили 1,8 миллион мусулмон ҳажда қатнашган, ҳаво ҳарорати 48 даражага кўтарилиши ортидан 2000 дан ортиқ одам иссиқлик стрессидан азият чеккан. Иссиқлик уриши, чарчоқ ва тошмаларни ўз ичига олган иссиқлик стресси ҳолатларининг ҳақиқий сони, эҳтимол, анча юқори бўлган. Чунки кўплаб жабрланувчилар шифохона ёки клиникаларга ётқизилмаган. Саудия Арабистони қурбонлар ҳақида статистик маълумот бермаган.
14 июнь куни бошланадиган ҳаж зиёрати Исломнинг беш арконидан бири бўлиб, имкони бўлган барча мусулмонлар камида бир марта адо этишлари шарт.