Сурхондарё ва Фарғонада фуқароларни ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган талабалар ушланди

Ўқишга киритиб қўйиш эвазига фуқаролардан бири 42,4 миллион сўм, иккинчиси 2 500 АҚШ доллари олган вақтда ушланган. Бу ҳақда Прокуратура департаменти хабар қилди.

Хабарга кўра, Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиали талабаси И.Э. фуқаро А.нинг ишончига кириб, уни ушбу университетга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 54 миллион сўмни олган вақтида ушланиб, унинг кўрсатувига асосан И.Э.нинг шериги яна бир талаба О.Х. 42,4 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан ушланган.

Бундан ташқари, фуқаро Ф.А. Наманган давлат университети талабаси И.П. билан олдиндан тил бириктириб, фуқаро Ш.ни Қирғизистондаги университетлардан бирига Иқтисодиёт йўналиши бўйича ўқишга киритиш ва 1-босқични тамомлаганлиги ҳақида маълумотнома тайёрлатиб бериш эвазига 2 500 АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан Департамент ҳамда ДХХнинг Фарғона вилояти бошқармалари томонидан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Янгиликлар