Олий таълим тизимида 9 ойда қарийб 14 млрд сўмлик молиявий камчилик аниқланди
АОКАда 20 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида 2021 йилнинг 9 ойида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг ички аудит хизмати текшируви орқали тизимда 13,6 миллиард сўмлик молиявий камчилик ва хатолар аниқлангани маълум қилинди.
Маълум қилинишича, ўтказилган молиявий назорат ва профилактика тадбирлари натижасида 245 та таълим муассасасида жами 13 миллиард 605 миллион 300 минг сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилгани аниқланган. Қайд этилишича, молиявий хато ва камчиликларнинг:
- 8 миллиард 35,5 миллион сўм ёки 59,1 фоизи иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўлов ҳамда стипендия бўйича;
- 1 миллиард 111,7 миллион сўм ёки 8,2 фоизи товар-моддий қийматликларининг камомади ва ноўрин ҳисобдан чиқарилиши бўйича;
- 128 миллион сўм ёки 0,9 фоизи таъмирлаш ишлари учун ортиқча қилинган харажат бўйича;
- 267,1 миллион сўм ёки 2 фоизи ижара ва бюджетга ўтказилиши лозим бўлган тўловлар бўйича;
- 4 миллиард 62,9 миллион сўми ёки 29,9 фоизи эса бошқа турдаги харажат турлари ҳиссасига тўғри келади.
Молиявий камчиликка йўл қўйган раҳбар ва масъул ходимларнинг 33 нафарига нисбатан интизомий жазо қўлланилиб, 21 нафари лавозимидан озод этилгани айтилди.
Таъкидланишича, хато-камчиликларнинг келиб чиқиш сабаби таҳлил қилинганда, улар:
- иш ҳақи, стипендияларни ҳисоблашда, турли таъминотчи (товар, иш, хизматларни етказиб берувчи) ташкилотлар билан боғлиқ ҳисоб-китобларда, шунингдек, товар-моддий қийматликларни балансга кирим қилишда, ҳисобдан чиқаришда тегишли маълумотларни УзАСБО (Махсус бухгалтерия ҳисоблаш дастури) дастурига нотўғри киритилиши;
- штатлар жадвали ва харажатлар сметасини режалаштиришдан олдин муассасанинг йил бошидаги тегишли кўрсаткич ва маълумотларни инвентаризация қилмасдан эски маълумотлардан фойдаланиш, шунингдек, масъул молиявий-хўжалик бўлинмалар бошлиқларининг масъулиятсизлиги;
- айрим таълим муассасаларининг бош ҳисобчилари, бош аудитор, ҳисобчи, иқтисодчилари етарли даражада билим ва малакага эга эмаслиги;
- амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ишлашни билмаслик ёки белгиланган тартиб ва қоидаларга риоя қилмаслик;
- биринчи имзо қўйиш ҳуқуқи ташкилот раҳбарида бўлса-да, молиявий ҳужжатларни тушунмасдан имзолаш ёки молиявий масалалардан ўзини четга олиш ҳолатлари;
- ташкилотлардаги товар-моддий қийматликларни қайта саноқдан ўтказиш ҳамда ҳисобдан чиқариш комиссиясининг ўз ишига совуққонлик билан ёндашиши натижасида камомадга йўл қўйилиши каби ҳолатлар сабаб бўлган.