Тошкентда ёшлар ўртасида «Project X» идеатони ўтказилади
Тошкент беш ташаббус ҳаракати доирасида TBCBank ҳомийлигида «Project X» идеатони бўлиб ўтади.
Мазкур танловда ёш IT—мутахассислар иштирок этишади. Улар қуйидаги йўналишлар бўйича сараланиб, ҳар бири 6 кишидан иборат 4 та гуруҳга бўлинадилар: таълим ва инновациялар, ишсизликка қарши кураш, соғлиқни сақлаш ва экология.
Уч кун мобайнида (21 майдан 23 майгача) IT-лойиҳалар, MVP, веб-сайтлар ва молиявий моделларни шакллантиришга бағишланган бизнес-сессиялар, тренинг ва мастер-класслар ташкил қилинади.
Шунингдек, параллел равишда ушбу жамоалар билан лойиҳаларнинг техник ва дастурий таъминоти ишлаб чиқилади.
Тўртинчи куни эса (24 май) иштирокчиларнинг лойиҳалари тақдимоти ўтказилади. Энг яхши жамоа ғолиб деб эълон қилинади ва стартапни амалга ошириш учун TBC Bank`дан молиявий ёрдам олади. Банк, шунингдек, Тошкент беш ташаббус ҳаракати доирасида ўтказилаётган Аёллар нетворкинги ҳафталиги ҳомийси ҳам саналади.
Маълумот учун: TBC Bank – Грузиядаги етакчи банк. У 2020 йилда Ўзбекистонда ўз филиалларини очди ва мамлакатдаги биринчи рақамли банкка айланди. Банк мижозларга биргина илова орқали карта ва депозит очиш, тўловлар ва пул ўтказмаларини амалга ошириш, шунингдек, кредит олиш имкониятини беради.