Ўзбекистонда қайси соҳа мансабдорлари ходимлари ҳуқуқини кўпроқ бузгани очиқланди

АОКАда 24 январь, душанба куни Бандлик ва мехнат муносабатлари вазирлиги матбуот котиби Мавжуда Мирзаева иштирокида ўтказилган брифингда Ўзбекистонда мансабдор шахслар томонидан ходимлар ҳуқуқи бузилган тизимлар очиқланди.

Қайд этилишича, Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 2021 йилда меҳнат соҳасига оид 11 минг 963 та қонун бузилиш ҳолати аниқланган. Хусусан, иш берувчиларга 1000 та ёзма кўрсатма ҳамда 2169 та тақдимнома киритилиб, 11 141 нафар мансабдор шахсга нисбатан 20 миллиард сўмлик маъмурий жарима қўлланган.

«Қонун бузилишлар соҳалар бўйича таҳлил қилинганда 11 216 та ҳолатда халқ таълими тизимида, мактабгача таълим муассасаларида 7613 та, тиббиёт муассасаларида 3788 та, 2912 та ҳолатда қурилиш соҳасида, 891 та ҳолатда олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида, 1033 та саноат корхоналарида, 572 та транспорт соҳасида ва 268 та ҳолатда савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарида мансабдор шахслар томонидан ходимларнинг ҳуқуқлари бузилган», — деди Мавжуда Мирзаева.

Вазирлик вакилининг сўзларига кўра, қонун бузилиш ҳолатларининг энг катта улуши иш ҳақини тўламаслик, меҳнат шартномасини расмийлаштириш, меҳнат таътили ҳамда ишдан ноқонуний бўшатиш кабиларга тўғри келади.

Янгиликлар