Президент Ўзбекистон ҳалқига Қурбон ҳайити табригини йўллади

Шавкат Мирзиёев барча мўмин-мусулмонларни Қурбон ҳайити билан қутлаб, сиҳат-саломатлик, бахту саодат, тинчлик-хотиржамлик ва файзу барака тилади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Қалбларимиз файзу илоҳий шукуҳга тўлиб турган ушбу улуғ кунда юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни, бутун халқимизни тинчлик, шукроналик, меҳр-оқибат ва саховат рамзи бўлган муборак Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан табриклаб, ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, табрикда бу йилги Қурбон ҳайити Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллик тарихий санаси арафасида ўтаётгани ҳам таъкидланди.

«Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби ва Мир Араб олий мадрасаси каби янги муассасаларнинг ташкил этилгани, ҳадис, калом, фиқҳ ва тасаввуф мактабларига асос солингани, ўнлаб янги масжидлар ва зиёратгоҳлар қурилаётгани ҳамда таъмирланаётгани бу борадаги ишлар кўлами нечоғли кенг эканидан далолат беради», — Президент.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев ҳозирги мураккаб пандемия даврида диний ибодатларни уй шароитида адо этиш бўйича уламоларимиз томонидан билдирилган таклифни халқимизнинг ҳаёти ва саломатлигини асрашга қаратилган энг тўғри қарор эканини таъкидлаб ўтди.

«Ушбу улуғ айём кунларида барчамиз Қодир Аллоҳдан бутун инсоният бошидан кечираётган бундай оғир синовларни енгиб ўтишда Ўзи мададкор бўлишини сўраймиз.
Дуогўй кексаларимизнинг эзгу тилаклари ижобат бўлсин!
Ёшларимизнинг бахтини, камолини берсин!
Юртимиз доимо тинч, халқимиз ҳамиша соғ-омон бўлсин!», — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев.

Янгиликлар