Россияда Ўзбекистон фуқароларининг рўйхатдан ўтмасдан қолиш муддати узайтирилади
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россия билан икки давлат фуқароларини 15 кун муддатга рўйхатдан ўтиш заруратидан озод қилувчи келишувни тасдиқлади.
Маълум қилинишича, илгари ўзбекистонликлар Россияга киргандан кейин 7 кун ичида, Ўзбекистонда россияликлар эса 3 кун ичида миграция рўйхатидан ўтиши керак бўлган. «Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш учун Ўзбекистон томонидан ваколатли орган Ички ишлар вазирлиги ҳисобланади», дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Мирзиёев Ташқи ишлар вазирлигига Россия томонига келишув кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-қоидаларининг бажарилгани тўғрисида билдиришнома юборишни топширган.
Айни пайтда Россия ИИВ янги қоидалар мамлакатга келаётган Ўзбекистон фуқаролари сонининг кўпайишига ва миграция назорати самарадорлигининг пасайишига олиб келмаслигини айтган.
Ҳозирда Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Арманистон фуқароларига миграция рўйхатидан ўтиш учун 15 кунлик муддат белгиланган.