Ўзбекистонда ҳафтанинг биринчи ярмида жуда иссиқ ҳаво бўлиши кутилмоқда
Ҳафтанинг биринчи ярмида Ўзбекистон ҳудуди Эрон ҳудудидан келадиган ёзги ҳарорат қийматларига хос бўлган жуда иссиқ ҳаво таъсирида бўлади. Бу ҳақда «Ўзгидромет» хабар бермоқда.

Фото: xs.uz
Хабарга кўра, кўпчилик вилоятларда қуруқ, асосан кам булутли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат республиканинг тоғли ҳудудларида момақалдироқ билан маҳаллий ёмғирлар ёғади. Кундуз кунги ҳаво ҳарорати 32-35 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларида 38 даражагача кўтарилади, бу ўртача кўп йиллик қийматлардан 5-8 даража кўпдир, бироқ бу қийматлар ушбу кунлар учун ҳароратнинг мутлоқ максимумидан кам. Энг илиқ йилларда ушбу муддатларда кундузги ҳаво ҳарорати 38-40, жанубда 40-42 даражагача кўтарилган.
Шунингдек, ҳафтанинг охирига келиб, ҳарорат 27-30 даражагача пасаяди, бундай ҳолат Қозоғистон ҳудудларидан салқин ҳаво кириб келиши билан боғлиқ бўлади.
Қайд этилишича, 20-21 майда республиканинг баъзи жойларида шамол 15-20 м/с гача кучайиши кутилмоқда.