Ўзбекистон Қирғизистонга юз берган сел муносабати билан 200 тонна гуманитар ёрдам жўнатди

Ўзбекистон сельдан жабр кўрган Қирғизистоннинг Ўш вилоятига 200 тонна гуманитар ёрдам жўнатди. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беради.

Ёрдам юк машиналари 16 июль куни Хўжаобод туманидаги «Дўстлик» чегара пости орқали Қора-сув ҳудудига етказилган. Жами 13 та юк машинасидан иборат гуманитар ёрдам: озиқ-овқат, кийим-кечак, маиший ва қурилиш материалларини ўз ичига олган.

Ўзбекистон делегациясига Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов бошчилик қилиб, Қирғизистон аҳолиcига Ўзбекистон Президенти номидан ҳамдардлик билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 14 июль куни Ўш вилоятида кучли сел оқими содир бўлган эди.

Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, натижада 800 га яқин бино, жумладан, турар-жой бинолари ва ижтимоий объектлар зарар кўрган. Сел оқибатида бир оиланинг тўрт нафар аъзоси – она ва уч қиз ҳалок бўлиб, уларнинг жасадлари Ўзбекистон ҳудудидан топилган эди.

Янгиликлар