Тошкентда ШҲТ халқаро яриммарафони ўтказилади

Ўзбекистон Республикасининг 2021–2022 йилларда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги доирасида 80дан ортиқ турли даражадаги тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Шундай тадбирлардан бири 2022-йил 27-март куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТ халқаро яриммарафонидир. Мазкур тадбир доирасида «Наврўз» умумхалқ байрамига бағишланган IV халқаро Тошкент ярим марафони ташкил этилади.

2016 йилдан бошлаб ҳар йили ташкилотга аъзо давлатлар спортчилари иштирокида ўтказиб келинаётган мазкур спорт тадбир жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, спортчиларни халқаро спорт мусобақаларида иштирок этишга имкон яратиш, олимпия, паралимпия ва миллий спорт турларини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлайди, шунингдек, аъзо давлатларнинг спорт федерациялари ўртасидаги бевосита алоқаларни ривожлантиришга ҳисса қўшади.
ШҲТ ярим марафонларида минглаб одамлар, жумладан, турли мамлакатлар ва қитъалардан келган профессионал спортчилар, ҳаваскор югурувчилар ва соғлом турмуш тарзи тарафдорлари ШҲТ байроғи остида бирлашадилар.

Пойтахтимизда ўтказилиши кутилаётган ярим марафон дастури икки масофани ўз ичига олган бўлиб, иштирокчилар – 3 км ва 21,0975 км масофага югуриб, куч синашадилар.

Ярим марафон маршрути пойтахтимиздаги Афросиёб ва Бешёғоч кўчалари чорраҳасидан бошланиб, Нукус, Абдулла Қодирий, Абай кўчалари орқали давом этади.

Мазкур тадбирда иштирок этиш истагини билдирганлар қуйидаги ҳавола орқали тадбир тўғрисида янада тўлиқроқ маълумотга эга бўлишлари ва рўйхатдан ўтишлари мумкин.

Янгиликлар