Бухородаги «Абдуллахон» мадрасаси девори ўпирилиб тушди
Ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан суриштирув ишлари ҳам олиб борилмоқда. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, кўп йиллик техноген жараёнлар (иссиқ ва совуқ иқлим, ёғингарчиликлар ва ер ости сувларининг кўтарилиши) таъсирида 30 июль куни «Абдуллахон» мадрасаси орқа томон деворининг бир бўлаги ўпирилиб тушган.
Таъкидланишича, ҳолат бўйича Маданий мерос агентлигининг вилоят бошқармаси, Бухоро шаҳар ҳокимлиги, реставраторлар ва соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, жойида ўрганиш ўтказилди.
Шунингдек, тезкор чора-тадбирлар белгиланиб, Республика Маданий мерос агентлигидан вакиллар жалб қилинди ва «Абдуллахон» мадрасасининг орқа қисми деворининг ўпирилиб тушган бўлагини белгиланган тартибда тегишли лойиҳа асосида қайта тиклаш ва зарурий реставрация ишларини ташкил этиш ишлари бошланди.
Шу билан бирга, Бухорода техноген жараёнлар оқибатида нураши, емирилиши ва қулаб тушиши эҳтимоли юқори бўлган 40 та маданий мерос объектини умумбашарий қийматини сақлаш, уларда тиклаш, реставрация ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича олимлар, реставраторлар ва малакали мутахасислар томонидан ўрганишлар ўтказилган ҳолда зарур чора-тадбирлар белгиланиши ҳақида Ҳукуматга аниқ таклифлар юборилди.