Тошкентда машинасига чиққан аёлларга массаж таклиф қилган такси ҳайдовчисига суд ҳукми ўқилди
Тошкент шаҳрида аёлларга массаж таклиф қилган такси ҳайдовчисига 22 сентябрь куни суд ҳукми ўқилди.
Маълум қилинишича, бир нечта аёллар «Nemolchi.uz»га «Yandex.Taxi» ҳайдовчиси уларга массаж таклиф қилгани бўйича мурожаат қилган. Жабрланганлардан бирининг айтишича, ҳайдовчи ўзини массаж-терапевт эканини айтган ва 50 минг сўм эвазига ўз хизматини таклиф қилган. Шундан сўнг йўловчи ёнида ортиқча пул йўқлигини маълум қилган. Лекин ҳайдовчи текинга ҳам массаж қилаверишини айтиб, аёлга тегажонлик қилган.
«Мен ҳам бу ҳайдовчига дуч келдим. У менга ҳам массаж қилиши мумкинлигини айтди. Кейин эса менинг орқамга тегина бошлади. Мен телефонимни олиб у билан суҳбатни давом эттирмаслик учун ҳаммага қўнғироқ қила бошладим», — деган бошқа яна бир аёл.
Маълум бўлишича, 17 сентябрь куни икки нафар жабрланувчи — Э.М. ва Т.Ю. Миробод тумани ИИО ФМБга «Matiz» ҳайдовчиси Ж.Т. устидан ариза ёзган. Учинчи қиз — М.С. ҳам яқин орада ариза ёзишга тайёрлигини билдирган. Шундан сўнг мазкур ҳолат бўйича тергов олди текширувлари бошланган.
Таъкидланишича, ҳайдовчининг шахси аниқланган ва унинг иши юзасидан 22 cентябрь куни суд жараёни бўлиб ўтган. Суд қарорига кўра, эркак айбдор деб топилиб, беш кунлик маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинган. «Yandex.Taxi» хизмати эса унинг аккаунтини 3 йилга блоклаб қўйган.