Ўзбекистонда 3 ой ичида қанча киши оиладаги зўравонлик учун судлангани очиқланди
2024 йилнинг 1-чорагида 4 минг 343 нафар шахс оилавий (маиший) зўравонлик бўйича маъмурий жавобгарликка тортилди.
Маълум қилинишича, 2024 йилнинг 1-чорагида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) билан 318 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 97 нафарига жарима жазоси, 221 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган. Таққослаш учун ўтган йили ушбу модда бўйича 666 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 233 нафарига жарима жазоси, 433 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Бу йилнинг биринчи чорагида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) билан 4 минг 343 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 2 минг 344 нафарига жарима жазоси, 1 минг 999 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди. 2023 йилда эса худди шу модда билан 8 минг 928 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 5 минг 229 нафарига жарима жазоси, 3 минг 699 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси берилган.
Бу йил Жиноят кодексининг 126-1-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) билан 134 нафар шахс судланиб, уларнинг 51 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 83 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди. 2023 йилда эса Жиноят кодексининг ушбу моддаси билан 203 нафар шахс судланиб, уларнинг 59 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 144 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар берилган.
Жиноят кодексининг 141-3-моддаси (шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) билан 40 нафар шахс судланиб, уларнинг 13 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 27 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди. Ўтган йили эса Жиноят кодексининг шу билан 48 нафар шахс судланиб, уларнинг 7 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 41 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар қўлланилган.