«Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси соҳа ходимлари учун Тошкент шаҳрида кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилганини маълум қилди
Энг улуғ ва энг азиз байрам – Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани Қушбеги ва Шайхонтоҳур туманидаги Ибн Сино мавзеларида 210 хонадонли 4 тўққиз қаватли турар-жой бинолари фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Компанияда фаолият юритувчи ходимларга янги хонадонлар калитлари тақдим этилди.
13 август куни Тошкентнинг Яккасарой тумани Қушбеги ва Шайхонтоҳур туманидаги Ибн Сино мавзеларида «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси томонидан қурилган кўп қаватли замонавий уйларнинг фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди, дея хабар беради «Ўзбектелеком» АК матбуот хизмати.
Турар-жой биноларининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов, Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов, Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Асрор Ишанходжаев, маҳаллий ҳокимият ва телекоммуникация соҳаси вакиллари ҳамда «Ўзбектелеком» АК раҳбарияти иштирок этди. Шунингдек, тадбирда жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари ҳамда ёшлар қатнашди.
«Сўнгги йилларда ҳаётимизнинг барча жабҳаларида эришилган ютуқлар билан ҳар қанча фахрлансак, ҳар қанча ғурурлансак арзийди. Биргина 2021 йилда амалга оширилган ишлар таҳлилига назар соладиган бўлсак, ўтган йилда мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, замонавий электрон давлат хизматларини кўрсатишнинг яхлит тизимига ўтиш жадаллашди. Бу эса Давлатимиз раҳбари томонидан соҳа ходимларига билдирилган юқори даражадаги ишончни муносиб оқлаш лозимлигини тақозо этади. Энг муҳими, Ватан тараққиёти, мамлакатдаги ўзгаришлар-у янгиланишлар самараси юртдошларимиз турмуш фаровонлиги, хонадонларидаги қут-барака, тинчлик-осойишталик тимсолида ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда. Бугун ҳам телекоммуникация соҳасида рўй бераётган ижобий ўзгаришларга назар ташласак, рақамли иқтисодиётга ўтиш ва ундан самарали фойдаланиш кенг миқёсда оммалашиб бормоқда. Бу жараёнда инсон омили юқори ўринни эгаллайди ва бунда ижтимоий қатламга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Соҳада фаолият юритаётган ходимларни доимий рағбатлантириш ва уларни зарур шароитларга эга турар-жойлар билан таъминлаш долзарб масалалардан биридир. Бугун ҳам ушбу турар-жой мажмуасидаги хонадонларни ўз эгаларига топширар эканмиз, уларнинг хонадонларига тинчлик-хотиржамлик, оилавий тотувликни тилаб қоламиз», – дейди Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов.
«Мамлакатимиз тараққиёти улкан бунёдкорлик ишларига асос бўлмоқда. Шу қаторда аҳолига имтиёзли кредитлар асосида қулай уй-жой билан таъминлаш асосий вазифалардан бири этиб белгиланди. Буларнинг барчасини эътиборга олган ҳолда мана бугун ҳам туманимизда телекоммуникация соҳаси вакиллари учун янги турар-жой мажмуасидаги хонадонлар ўз эгаларига топширилмоқда. Мақсадимиз ҳар бир оила ана шу хонадонларда тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига эришиш. Шунингдек, “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясининг 2021 йил
23 июлдаги тегишли фармойиши ижроси доирасида “ЎзМобайл” филиалига бириктирилган Яккасарой туманидаги “Дамариқ” маҳалласида “Маҳаллабай” ишлаш тизими бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилган. Хусусан, маҳалладаги уй ҳовлиларида 6 та элементдан иборат янги болалар майдончаси ташкил этилди. Уйларнинг олд қисмида 8 та элементдан иборат “Work out” кўринишдаги спорт майдончасининг қурилиш ҳамда ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Шу жумладан, 3 та болалар майдончаси таъмирланиб, 2 та янги болалар майдончаси барпо этилди. 6 та уйнинг том қисми жорий таъмирланди. Мазкур уйларнинг том қисми фольгоизол билан қопланган. Маҳалланинг киришида янги муҳташам арка ўрнатилган. Бундан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғини биносида жойлашган Электрон кутубхонани жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда ва 150 дан зиёд электрон китоблар совға қилинди», – дейди Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ҳокими Анвар Сайфутдинов.
Мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси сўнгги йилларда юртимизда юз берган турли соҳалардаги ўзгаришлар ва ислоҳотлар билан том маънода фахрланади.
«Ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация соҳасида фаолият юритиб келаётган ходимлар манфаат ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Уюшма томонидан муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бугунги тадбиримизнинг асосий сабаби – Компания томонидан соҳа ходимлари учун қулай ва муносиб шарт-шароитлар билан таъминланган янги хонадонларнинг топширилиши эса юқоридаги фикрларимизнинг ёрқин ифодасидир. Ўйлайманки, ушбу турар-жойларга кўчиб ўтаётганларнинг хотирасида 2021 йил унутилмас лаҳзалар билан муҳрланади. Қолаверса, уларга тақдим этилаётган уй-жойларни мамлакатимиз Мустақиллигининг 30 йиллигига муносиб туҳфа бўлди, дейиш мумкин. Энг асосийси, яратилаётган бу каби имкониятлар ўз олдига мамлакатимизни рақамли Ўзбекистонга айлантиришни мақсад қилган ходимларнинг иш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади. Негаки, оиласи фаровон инсонда ҳаловат, кўнгли хотиржам инсоннинг эса ишида, фаолиятида унум бўлади», – дейди Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникациялар ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Асрор Ишанходжаев.
Яккасарой ва Шайхонтоҳур туманларида тўққиз қаватли турар-жой бинолари қуриб фойдаланишга топширилди. Янги биноларнинг биринчи қаватида, шунингдек, 250 ва 218-электрон автомат телефон станциялари жойлашган бўлиб, бу нафақат турар-жой мажмуалари аҳолиси, балки умуман мавзелар яшовчилари учун ҳам телефон хизматларидан фойдаланиш борасида қулайликлар яратади.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик байрами арафасида янги хонадонларнинг эгалари янги уйларга кўчиб ўтишни нишонлашмоқда.
«Мустақиллигимизнинг 30 йиллик шодиёнасига яхши туҳфа бўлди, десак муболаға бўлмайди. Шунингдек, давлатимиз томонидан мазкур соҳа вакилларига қаратилаётган эътибор алоҳида эътирофга лойиқ. Ушбу турар-жой комплекси Компаниямиз томонидан ходимлар учун махсус барпо этилди. Икки манзилда қад ростлаган бинода шинам хонадонлар қурилган бўлиб, уларда барча шароитлар мужассамлашган. Бугун ана шу турар-жой комплексини ўз эгаларига топширар эканмиз, ушбу байрам тадбирлари арафасида ходимларимизнинг хонадонларида ўзгача шукуҳ, кўтаринки кайфият ҳукм сураётганлигининг гувоҳи бўлдик. Чунки уларнинг шинам ва кўркам хонадонлари бундан буён оилалари учун хизмат қилади. Мазкур комплекснинг қурилишига ўз ҳиссасини қўшган барча мутахассисларга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Албатта, бу каби яратилаётган имконият ва шароитлардан ходимларнинг оилаларида хотиржамлик, ишларида эса унум ва барака бўлиши шубҳасиз», – дейди «Ўзбектелеком» AК Бош директори Назиржон Хасанов.
Турар-жой мажмуаси кўчанинг қулай қисмида жойлашган бўлиб, бинонинг олд қисмида автомобиллар учун алоҳида тўхташ жойи, шунингдек мажмуада болалар учун махсус ўйингоҳлар қурилган.
«Мана бугун кўпчилик учун ҳаётидаги қувончли кунлардан бири, бугун улар тинч ва тотув яшаш учун янги уй-жой комплексига кўчиб ўтмоқда. Биз, Компания ходимлари доимо эътибор марказида бўлганмиз. Шаxсан ўзим «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси томонидан ташкил этилган ўқув дастури бўйича, Бонч Бруевич номидаги Санкт-Петербург давлат телекоммуникация университетида таълим олиб, ҳозирги кунда Компаниянинг «Ахборот тизимлари» филиалида ишлаб келмоқдаман. Замонавий лойиҳа асосида қурилган уйлардa барча шароитлар яратилганидан мамнунмиз. Шу боис, барча қулай шароитларга эга ва замонавий уй-жой қурилиши учун ўз миннатдорчилигимни билдираман. Шунингдек, ушбу турдаги турар жой мажмуаси яна кўплаб ходимларимизга фоизсиз муддатли тўлов асосида берилмоқда, бу эса бизларга ҳам ходим, ҳам оддий фуқаро сифатида кўп имкониятлар яратади», — дейди Қушбеги мавзесида қурилган янги хонадон соҳиби, Компаниянинг ёш ходимларидан бири – «Ахборот тизимлари» филиали Биллингни маъмурлаштириш хизмати олий тоифали муҳандиси Санжар Тўхтамишев.
Таъкидлаш жоизки, пойтахтимизнинг мазкур уйларнинг фойдаланишга топширилиши Компаниянинг кенг кўламли ижтимоий лойиҳасининг фақат бошланишидир. Кейинги йилларда Юнусобод, Сергели ва Чилонзор туманларида қуриладиган янги турар-жой бинолари навбатда турибди.
Сайт: uztelecom.uz
Facebook: @uztelecom
Техник қўллаб-қувватлаш: @tshtt.uz
Instagram: @uztelecomuz
Telegram: @uztelecomuz
Реклама ҳуқуқи асосида