Тошкент вилоятида 7 ёшли қиз аммаси томонидан уриб ўлдирилди

Тошкент вилоятида 7 ёшли қизни аммаси дарс тайёрламаганлиги ва ёлғон гапиргани учун шавқатсизларча урган.


Жорий йилнинг 12 март куни соат 01:00 да Н.А. (аёл) акаси Т.А. (эркак) унинг қарамоғига ишониб топшириб кетган вояга етмаган қизи 2017 йилда туғилган А.Ч.ни (қиз бола) дарс тайёрламаганлиги ва ёлғон гапирганлигини важ қилиб, ўзини Ч.А.ни мазкур хатти-ҳаракатлари учун гўёки жазолаётгандек кўрсатиб, ўта шафқатсизлик билан Ч.А.ни танасининг турли жойларидан қўллари билан чимчилаб, танасининг бошқа жойларига қўллари ва ёғоч бўлаги билан уриб, тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2024 йил 12 март куни Бўка тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан ЖКнинг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. 2024 йил 13 март куни Н.А.га нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

«Жорий йил 15 март куни туман марказий тиббий бирлашмасида вояга етмаган Ч.А. кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида вафот этган. Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

Янгиликлар