Ўзбекистонда янги спорт ассоциацияси ташкил этилди
Ўзбекистонда 9 ноябрь куни янги «Скейт Ўзбекистон» ассоциацияси ташкил этилди.
Хабарга кўра, ташкилотнинг илк йиғилиши ўтказилган ва унда қуйидаги масалалар кўриб чиқилган:
- «Скейт Ўзбекистон» ассоциацияси номи билан янги спорт ташкилотини тузиш;
- «Скейт Ўзбекистон» ассоциациясининг Низомини тасдиқлаш;
- «Скейт Ўзбекистон» ассоциациясининг раиси, ўринбосарлари ва бош котибини сайлаш.
Ташкилот раиси этиб, Азиз Аҳмедов, шунингдек, ташкилот котиблигига Камол Усмонов сайланган.
Қайд этилишича, энди скейтбординг ва роллер спорт турлари бўйича Ўзбекистон ёшларида нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этиш имконияти пайдо бўлиб, мамлакатда ушбу спорт турларига ихтисослашган замонавий иншоотларни барпо этишга замин яратилади.
Таъкидланишича, жаҳоннинг «World Skate» ассоциацияси билан ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилган бўлиб, ушбу спорт турини Ўзбекистонда ривожлатириш ҳамда спортчиларни нуфузли халқаро мусобақаларга тайёргарлик кўриши ва иштирок этиши учун музокаралар олиб борилмоқда.
Маълумот учун, «Скейт Ўзбекистон» ассоциацияси қуйидаги спорт турларини ўз ичига олади:
- Скейтбординг,
- Роллерда конькида учиш,
- Роллерда фигурали учиш,
- Роллерда юқори тезлик,
- Роликли конькида эркин услуб, шунингдек, эркин слалом,
- Роллерда хоккей,
- Роллер дерби,
- Скутер, шунингдек, эркин скутер.
Ўзбекистонлик скейтбордчиларда Париж-2024 Олимпиадасида қатнашиш учун 12 та лицензия олиш имконияти мавжуд.