Тошкентда «Nexia–3» ва «Captiva» иштирокида ЙТҲ содир бўлди
Тошкент шаҳар Чилонзор туманида 20 сентябрь куни «Nexia–3» ва «Captiva» иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, соат 21:50 да Чилонзор тумани Муқумий кўчасида 21 ёшли ҳайдовчи «Nexia–3» машинасини бошқариб келаётиб, бошқарувни йўқотган ва ёритиш чироғи устунига урилган. Зарб оқибатида устун ағдарилиб, 23 ёшли М.М. бошқарувидаги «Captiva» русумли автомобилнинг том қисмига тушган.
ЙТҲ оқибатида транспорт воситаларига техник шикаст етган. Шунингдек, ҳеч ким тан жароҳати олмаган.
Ҳолат юзасидан шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув олиб борилиб, ҳодиса содир бўлиши сабабларига аниқлик киритилмоқда.