Тошкент ва Фарғонада фуқароларни «Ҳаж» зиёратига юбормоқчи бўлган фирибгарлар ушланди

Фирма зиёратчиларни «Ҳаж» сафарига боришлари учун талаб этиладиган виза ҳужжатларини тайёрлаб бериш ва уларни зиёратга юборишни ваъда қилган.


Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган тадбирда Яккасарой туманида жойлашган сайёҳлик фирмасининг 2 нафар ходими маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, унинг ота-онасини Саудия Арабистонига «Ҳаж» сафарига боришлари учун талаб этиладиган виза ҳужжатларини тайёрлаб бериш ва уларни зиёратга юбориш эвазига 18 минг АҚШ доллари талаб қилишиб, 4500 АҚШ доллари олган вақтларида ушланди.

Юнусобод туманидаги сайёҳлик фирмаси раҳбари Яшнобод туманида яшовчи фуқарони «Ҳаж 2024» мавсумида Саудия подшоҳлигига муборак сафарга юбориш эвазига 9500 АҚШ доллари талаб қилиб, 5700 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Шайхонтоҳур туманида яшовчи, муқаддам судланган шахс ҳам Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида истиқомат қилувчи 2 нафар фуқарони сайёҳлик фирмаси орқали «Ҳаж» зиёратига юбориш эвазига 20 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Фарғона шаҳридаги сайёҳлик фирмасида иш юритувчи Тошлоқ туманида яшовчи фуқарони ва унинг 2 нафар вояга етмаган фарзандини 30 минг АҚШ доллари эвазига «Ҳаж» зиёратига юборишни ваъда қилиб, 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида яшовчи шахс ҳам Қува туманида истиқомат қилувчи фуқарони ва унинг ота-онасини «Ҳаж» амалларини бажаришлари учун сайёҳлик фирмаси орқали Саудия Арабистонига юбориш эвазига 16 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар