Ўзбекистонда хусусий боғча ва мактаблар учун имтиёзлар 2030 йилгача узайтирилди
Президент Шавкат Мирзиёев таълим соҳасида хусусий сектор иштирокини оширишга қаратилган қарорни имзолади. Бу ҳақда «Норма» хабар бермоқда.
Ҳужжатга кўра, чора-тадбирлар нодавлат таълим хизматларини кўрсатишни қўллаб-қувватлаш, таълим соҳасида хусусий секторнинг улушини ошириш, бу борада тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда инновацион педагогик шакл, услуб ва таълимни жорий этишга қаратилган.
2025 йил 1 январгача белгиланган имтиёзларнинг амал қилиш муддати 2030 йил 1 январгача узайтирилди. Тўловдан озод қилинган:
— нодавлат мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим ташкилотлари барча турдаги солиқлар (ижтимоий бундан мустасно) ва йиғимлардан;
— нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларини жиҳозлаш ва уларнинг фаолиятини таъминлаш мақсадида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган замонавий ўқув ва лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, ўқув ва илмий-услубий адабиётлар, инвентарь ва моддий-техника ресурслари белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар — божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари);
— нодавлат мактабгача таълим ва умумий ўрта таълим ташкилотларида ишловчи хорижий ўқитувчилар ва мутахассислар – жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқдан.
2025 йил 1 январдан бошлаб:
— нодавлат таълим ташкилотлари томонидан ўқитувчилик фаолиятини амалга ошириш учун ёлланган хорижий мутахассисларга А2 ўқитувчилик кириш визалари берилади;
— Давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари томонидан хориждан жалб этилган мутахассисларга Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар берилганда ундириладиган йиғим миқдори 30 дан 1 бараварга (11,2 миллион сўмдан 375 минг сўмга) туширилди;
— нодавлат мактабгача таълим, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари раҳбарияти ва педагог ходимлари А.Авлоний номидаги Миллий педагогика маҳорат институти, педагогика маҳорати марказларида, шунингдек, нодавлат малака ошириш марказларида ўз малакаларини ошириши белгиланган.