Ўзбекистонда фуқароларни яшаш жойи бўйича рўйхатга олишнинг ягона тартиби жорий этилади

Ўзбекистонда фуқароларни яшаш жойи бўйича рўйхатга олишнинг ягона тартибини жорий этилиши юзасидан қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг матбуот ҳизмати ҳабар беради.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи бўйича рўйхатга олишнинг ва турган жойи бўйича хабардор қилиш тартиби тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи навбатда қабул қилинди.

Ҳабар қилинишича, бугунги кунда амалда бўлган «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Қонун сабабли фуқароларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтказишда бюрократик тўсиқлар юзага келмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси билан юқорида таъкидланган Қонун бекор қилиниб, республика бўйича фуқароларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтишининг ягона тартиби жорий этилади, – дейилади ҳабарда.

Шунингдек, эндиликда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти учун алоҳида, бошқа вилоятлар учун эса алоҳида рўйхатга олиш тартиби амал қилмаслиги ва бундай амалиётдан воз кечилиши маълум қилинган.

Жамият