Наманган ва Андижонда қарийб 3 млрд сўмлик электр энергияси талон-торож қилинди
Наманган ва Андижон вилоятларида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати хабар берди.
Департаментнинг Чуст тумани бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган.
Унда “Ч.Ш.” МЧЖ масъул шахслари ўзаро тил бириктириб, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш биносида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тижорат мақсадида ўзбошимчалик билан уланиб олгани аниқланган.
Бунинг натижасида эса жами 2,1 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган.
Шу каби, Департаментнинг Андижон шаҳри бўлими ва “Ўзенергоинспексия” вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида терговга қадар ўтказилган.
Текширувда аниқланишича, “Б.б.” НТМ масъул шахслари ва бошқалар ушбу таълим муассасаси биносини электр тармоғига тижорат мақсадида шартномасиз тўғридан-тўғри уланиб олган.
Бунинг натижасида жами 892,2 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.