Юнусободнинг айрим ҳудудларида табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилади

Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги айрим ҳудудларга газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, бугун, 13 ноябрь куни Тошкент шаҳрида таъмирлаш ишларини олиб бораётган экскаватор Юнусобод тумани, 2-даҳа, 40-уй ёнидан ўтган ўрта босимли ерости газ қувурига шикаст етказиши натижасида газ сизиб чиқиш ҳолати кузатилган.

Натижада ушбу даҳадаги 47 та кўп қаватли хонадон, 10 та улгуржи истеъмолчи, 3-даҳадаги 26 та кўп қаватли хонадон, 12 та улгуржи истеъмолчи ва Маликов кўчасидаги 40 та ерли хонадонда газ таъминоти вақтинча тўхтатилган.

Айни вақтда “Ҳудуд отхт” газ таъминоти филиали ходимлари томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Таъмирлаш ишлари якунлангач газ таъминоти қайта тикланади.

Коммунал