Жомбойдан Ургутга темир йўл қурилади
Самарқанд вилоятнинг Жомбой туманидан Ургутга томон темир йўл тармоғи тортилади, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Узунлиги 50 километрдан ортиқ бўлган янги тармоқ «Тоштемирйўллойиҳа» масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқилган бош режа бўйича замонавий муҳандислик ечимлари ҳисобга олинган ҳолда барпо этилади.
Мақсад Ургут туманининг эркин иқтисодий зоналарини ривожлантириш, келажакда одамларга қулайлик яратиш, дейди «Темирйўл лойиҳаси» МЧЖ директори Расулжон Рўзиев.
Жомбой туманидаги MAN заводи яқинидан бошланувчи янги темирйўл тармоғи 4Р-238 автомобиль йўлини кесиб, Зарафшон дарёси бўйлаб ўтади ва сўнгра ушбу дарё устида барпо этиладиган кўприк орқали Ургут туманига боради.
Темирйўл ўтадиган Жомбой, Самарқанд, Тойлоқ ва Ургут туманларининг аҳоли гавжум ҳудудларида бекатлар ташкил этилади. Масалан, Тожикистон билан чегарадош Ургут туманида жойлашган «Жартепа» чегара божхона пости яқинида бекат қурилади. Бу эса тожикистонликларга Ўзбекистон бўйлаб темирйўл орқали ҳам саёҳат қилиш имконини беради.