Тошкент вилоятидан пойтахтга 6 та янги автобус йўналиши жорий этилади

Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кунига 275 минг нафар йўловчи қатнаётгани боис пойтахт жамоат транспорти ягона агломерация тизимига ўтказилади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Янги тизимга кўра, Тошкент ҳалқа йўлигача келадиган 20 та автобус йўналиши 15–20 километрга узайтирилади, шунингдек, 6 та янги маршрут ташкил этилади. Президент сентябрь ойигача Тошкентга 200 та, 2026 йилда эса яна мингта автобус олиб келинишини билдирди.

Йиғилишда жамоат транспорти соҳасидаги мавжуд муаммолар, жумладан, шаҳарлараро қатновлар жадвал асосида эмас, балки тўлиб кетгач амалга оширилаётгани таъкидланди. Эндиликда ўрта ва узоқ масофали қатновлар учун алоҳида механизм жорий қилинади — субсидия шаҳар атрофидагилардан ташқари, шаҳарлараро қатновларга ҳам берилади.

Автобус ва микроавтобуслар учун утилизация йиғимидан берилаётган имтиёзлар уч йилга узайтирилади, божхона божидан имтиёзлар эса туристик транспортдан ташқари, жамоат транспортига ҳам татбиқ этилади.

Тадбиркорлар эса икки шартга амал қилиши лозим: қатъий ҳаракат жадвалига риоя қилиш ва электрон тўлов тизимида ишлаш орқали молиявий шаффофликни таъминлаш.

Ўзбекистон